Бандаликка хилоф сифатлар
Ҳар қандай ҳолатда, ҳаттоки намозда ҳам, инсоннинг Аллоҳга яқинлашишига тўсқинлик қилувчи сифатлар мавжуд бўлиб, улар тўрт қисмга бўлинади: раббоний, шайтоний, хайвоний ва вахшоний.
Раббоний сифат – бу Аллоҳнинг сифатларига ўхшаш хусусиятлар бўлиб, улар билан сифатланишни Аллоҳ мутлақо маън этган. Бундай сифатлар: буюклик, устунликка интилиш, ғино (яъни, ҳеч ким ва ҳеч нимага муҳтож бўлмаслик сифати билан сифатланиш истаги), одамлар устидан ҳукмронлик қилиш хоҳиши, ўзини ҳар қандай мўминдан яхши деб гумон қилиш туйғуси.
Шайтоний сифатлар - ҳасад, макр, хиёнат, ёлғон, ваъдабозлик, мунофиқлик, шунингдек, бидъат ва фирқачиликка мойиллик хусусияти.
Ҳайвоний сифатлар - баднафслик, очкўзлик, ишқибозлик, жинсий ва шаҳвоний иштиёқларга муккасидан кетишга ўхшашлар. Бу хусусиятлар ўз эгасини зино ва ўғирлик каби қабиҳ жиноятларга ундайди.
Ваҳшоний (йиртқич ҳайвонларга хос) сифатлар - булар ноўрин ва бемаҳал ғазабланиш ва нафратланишга ўхшаш феъллардир. Бундай сифат эгалари одам ўлдириш, унга шикаст етказиш каби Аллоҳ тақиқлаган оғир гуноҳлардан ҳам тонмайдилар. Инсон кўнглини аввал бошидан ҳайвоний сифатлар эгаллай бошлайди. Вақт ўтиб, унда дунёни идрок этиш қобилияти шакллана бошлаши баробарида ваҳшоний хусусиятлар хам
секин-асталик билан ўзини намоён этади. Айнан шу маҳалда Аллоҳнинг мадади бўлмаса, инсон шайтоннинг ёрдамига таянган ҳолда ўзининг ақлу идрогини макру хиёнат учун ишлата бошлайди. Фурсатни ғанимат билган шайтон бор имкониятини ишга солиб йўлдан адашган инсонни тақиқланган, яъни Аллоҳдан бошқага муносиб бўлмаган сифатларни эгаллашга ундайди. Кимки бу пайтда шайтоннинг битта сифатини ўзига юқтириб олса, Аллоҳ уни яқинлашиш имкониятидан маҳрум этади. У зот Ўзига шайтон ва унинг лашкарига қарата шундай дейди: "Менга яқинлашганларга сиз таъсир ўтказишга қодир эмассиз, аммо Мендан ажраганларнинг ҳар бирининг устидан мутлақ ҳукмдорлик қила оласиз".
«Ахлоқус солиҳийн» китобидан.
@mehrob_uzعرض المزيد ...