МЕН ҲЕЧ НИМА ЙЎҚОТМАДИМ...
Мен ҳеч нима йўқотмадим,
Улар мени йўқотишди.
Йўқ, ҳеч кимга тош отмадим,
Ишончимни кўп сотишди.
"Яхши бўлсанг ерсан ошинг"
Деган нақл бордир элда,
Ёмонликдан ғамда бошинг,
Ҳар бир сўзинг учар елда...
Ҳар ён иғво, фисқу фасод,
Лаъин чалар чилдирмасин,
Э воҳ, ҳақнинг моли касод,
Ботил сотар уйдирмасин...
Вужуд ичра ёнар олов,
Бу не кулфат, не қабоҳат;
Тили бигиз, қўли косов
Бир дам йўқдир дилда роҳат...
Дилда роҳат бўлмоқ учун
Бир кўнгилни айла обод -
Кенгга кенгдир асли очун
Ўзгаларни қилолгин шод.
...Мен ҳеч нима йўқотмадим,
Улар мени йўқотишди.
Йўқ, ҳеч кимга тош отмадим,
Нафратимни уйғотишди.
✍️ МУРОДУЛЛА
Show more ...