Сўдхўрга дарс берган Баҳлул
Баҳлули Доно ҳалифа Ҳорун ар-Рашид замонининг олими эди. У халқ учун девона, болалар учун эрмак, илм соҳиблари учун ориф, Ҳорун ар-Рашид учун эса бир муршид каби эди. Унинг ғаройиб ишларини ақл билан изоҳлаш мушкул эди.
У қабристонда ухларди. Бунинг сабабини сўрганларга, ўликлар содиқ бўладилар, ҳеч қачон хиёнат қилмайдилар, дерди. Унга қўрқувни эслатганларга, асл қўрқиш лозим бўлганлар тириклардир. Одам марҳумлар ёнида бехавотир бўлади, дерди.
Ўша даврда шаҳарда бир судхўр яшарди. Инсонларга пул бериб, фоизи билан қайтариб оларди. Аслида бу одатий ҳол, шундай эмасми? Аслида инсонни ақлини шоштирадиган нарса бошқа: мана шу судхўр жаннатга киришни чин дилдан хоҳларди. Ибодат қилиб, чин дилдан дуо қилиб, Аллоҳ таолодан жаннати маъвони сўрарди.
Бир кун шу одам дўконида намоз ўқиб бўлгач, қўлларини очиб баланд овозда дуо қила бошлади. Кўзларида ёш билан жаннатни сўрарди. Шу пайт ташқаридан келган шовқин-суронни эшитиб, қўлларини юзига суртди ва ўзини эшикка урди. Қараса, Бахлули Доно дўкон олдида турган кўзаларни асоси билан уриб, ичини очиб қараб, тинмай “қаердансан ўзи”, деётганди.
Судхўр буни кўриб, шошиб қолди. Кейин эса ўзини қўлга олиб, Баҳлули Донога ўдағайлай кетди:
– Нима қилаяпсан?!
– Туяларимни йўқотиб қўйдим, уларни қидираяпман, – бамайлихотир жавоб берди Баҳлул.
– Эсингни едингми, каттакон туя бу кўзаларни ичида нима қилсин, қандай сиғсин?
– Судхўрнинг жаннатни орзу қилиши қалбига қандай сиғган бўлса, менинг туям ҳам кўзаларга шундай сиғган...
Судхўр Баҳлули Дононинг гапларидаги маънони, ҳикматни англаган эди.
Унга бу борада аллақачон насиҳатлар қилинган, маслаҳатлар берилганди. Бироқ уларнинг ҳеч бири бу қадар очиқ, мақсадининг нақадар мантиқсиз эканини яққол кўрсатиб бера олмаганди...
⊱•┈••┈•❁•⊰✿🌺✿⊱•❁•┈•┈•⊰
➡🌴Яқинларингизга ҳам улашинг!📲💻🖥
↪️✅ @Asaka_Ziyo
𝕜𝕒𝕟𝕒𝕝𝕚𝕘𝕒 𝕠𝕓𝕦𝕟𝕒 𝕓𝕠ʻ𝕝𝕚𝕟𝕘!
Mostrar más ...