Бугун Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева таваллуд топган кун (1947–2018)
Билмаслар
Кўрдим қишлоқ, гўзал шаҳарлар кўрдим,
Оҳорлари кетиб борар, билмаслар.
Жамалаксоч парипайкарлар кўрдим,
Баҳорлари кетиб борар, билмаслар.
Тугмак бўлса етмас белбоғ учлари,
Дунё молин маҳкам тишлар тишлари.
Боғларининг ширин забон қушлари –
Олқорлари кетиб борар, билмаслар.
Отлари-я, қорабайир отлари,
Гижинглади деб ўйласам, додлади.
Ёли бўрон бўлганлигин ёдлади –
Шунқорлари кетиб борар, билмаслар.
Кузатиб бу дунёнинг ўр, қирини,
Билмай қолдим келмак, кетмак сирини.
Ёлғон ёрлар ялашиб бир-бирини,
Чин ёрлари кетиб борар, билмаслар.
Чарсиллаган бир ўт ёнар ичимда,
Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда.
Бу талатўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда,
Ҳалима ҳам ўтиб борар, билмаслар.
Расмий саҳифаларимиз👇
Telegram |
Facebook |
YouTube |
Xادامه مطلب ...