Тўқсон олтинчи йил биринчи мошинамни сотиб олгандим. Курсдошларимиз билан Ангренга борадиган бўлдик. Йўлга чиқишга ҳаракат қилиб турганимда уй телефони жиринглади. Олсам бир қариндошимиз "Оиламиз билан эдик, вокзалдамиз, автобус йўқ, Наманганга ташлаб қўйсангиз" деб илтимос қилди. Чиқиб уларни ва ёшлари саксондан ўтган бошқа йўловчи онахонни ҳам бир амаллаб сиғдирдик. Юришимиз биланоқ "Пулим йўқ эди-да, дуо қиламан" дедилар, меҳмонимиз "Хола, дуо қилинг-да, бу укамиз пул учунмас, дуо учун чиқдилар" деди. Учқўрғонда бошланган дуо Қизилровотда тўхтади(10 дақиқали йўл), бундай узун дуони умримда биринчи эшитишим бўлди. "Мана биттаси тугади, яна шундан иккитаси билан уйимизга етиб борамиз" дедилар онахон. Учинчи дуо тугаганда, Тахтакўприкда ҳақиқатан тушиб қолдилар. Мусофирларимизни уйларига етказиб, шерикларимни олиб, довон томонга кетдик.
Агар ёдингизда бўлса ўша йилларда "Қамчиқ" тоғ йўли кенгайтириб таъмирланаётган, ҳали асфалт қилинмаган, катта-кичик тошлар тўкиб чиқилган, қатнов кам бўлиб, аксар кишилар Хўжанд орқали кетадиган вақт эди. Ўшанда эндигина йигирмадан ўтганлигим, мустақил мошина ҳайдашни бошлаганимга бир неча ойларгина бўлгани, биринчи марта довондан ўтишим бўлгани учун қалтис хато қилгандим. Нишабликдан тушаётганимизда чойхоналардан бирининг айвонида бомдодни ўқидик. Шерикларимиз олдинлаб кетгани учун етиб оламиз деб, бор тезликда ҳайдадим. Йўл нотекислиги, асфалт йўқлиги, пастликка тез юриш мумкинмаслиги, тормоз босилса шағал-тош устида мошина тўхташ ўрнига, мувозанатини йўқотиб, тезлаб кетаверишини билмагандим. Бир пайт қаршимиздан КамАЗ биз тарафга қараб чиқиб келди. Ундан олиб қочаман деб, рулни бурдим, майда тошда сирпаниб, бошқарув қўлдан чиқди. Мошина сакраб-сакраб, дуч келган тарафга қараб пастлаб кетаверди. Сониялар ичида туғилганимдан ўша вақтгача бўлган ишлар-у, биз ағдарилиб кетишимиз мумкинлиги, ҳатто, мотам маросимларигача ўтиб кетди. Юриб-юриб чапга, ҳали тўсиқлар қўйилмаган, очиқ жар тарафга яқинлашиб боравердик. Бир-икки қадамлар қолганди шекилли, шерикларимдан бири, Ubaidullo Anvarov "Аллоҳу Акбар" деб қичқириб юборди. Ҳаёлимда умримизнинг сўнги нуқтаси эди. Шу пайт олдимиздан тўппак қилиб тўкиб қўйилган бир мошина майин шағал чиқиб қолди. Унга урилиб, устидан сакраб ўтдик. Қарасам, йўлга тўғриланиб қолибмиз, эллик-юз қадамча юрдик, тормозлар ишлади, тўхтатиб тушдик. На бизга, на мошинага ҳеч нарса бўлмаганди...
Ангренга етиб бордик. Бўлган воқеани бошқаларга айтдик. Шерикларимиздан бирлари "Бирор кишининг дуоларини олгандирсиз?" деди. Соатлаб дуо қилган кампирни гапириб бердим...
У саёҳатимнинг ўн дақиқали қисми ҳаётимга дарс бўладиган, менга иккита дарслик ўтганди, биринчиси-пастликка тез юрса ҳалокат борлиги ва иккинчиси-ғариб кўнгиллар дуосида ижобат борлиги.
У-эсимдан чиқмас бўлди...
Салим АЙЮБИЙ
Показать полностью ...