Вазирлар Маҳкамаси ва Туризм қўмитаси диққатига!
Ички туризм учун ортиқча шартларнинг кераги йўқ
Андижон ҳокимининг устозлар билан мулоқотидан олинган
кичик парчага кўзим тушди. Ўқитувчилардан бири вилоят раҳбарига юзланиб, минг истиҳола билан "
ўзим учун эмас, жамоага Самарқанд ва Бухорога айланиб келишимизга ёрдам қилсангиз" деяпти.
Шуҳрат ака бунга жавобан "
Мен розиман, лекин сизлар нима қилиб берасизлар менга?" дейди. Мураббийлар олий таълимга кириш кўрсаткичини ҳеч бўлмаса 50 фоизга чиқариб берамиз деб айтишса, жаноб ҳоким 70 фоизга чиқарган кунинглар Туркияга жўнатаман дейди.
Қисқаси, суҳбат шу тарзда кечган.
Ҳокимнинг қандайдир натижани шарт қилиб қўйиб, хорижга саёҳатга юбормоқчилиги яхши, албатта. Лекин ички туризм учун, айниқса, устоз ва мураббийларга бирор бир шарт қўйишнинг кераги йўқ назаримда. Энди бир ўйлаб кўринг. Хорижда битта ўқувчи қайсидир фандан ғолиб чиқса, қайсидир спортчи медал олса, ҳеч муҳокамасиз қимматбаҳо совғалар берамиз. Уй, машина ва ҳоказо. У шунга арзийди. Чунки мамлакатни танитди. Гап бўлиши мумкин эмас. Устози ҳам рағбатлантирилади.
Аммо ўқитувчилар осмонни олиб беринг демаяптику. Ўзимизнинг шаҳарларга боришга ёрдам қилинг деяпти. Бунга кетадиган маблағ ҳам машина ё уйга сарфланганидек отнинг калласи бўлмайди. Зеро, устозлар ортиқча шартларсиз бу эътиборга лойиқ.
Мулоҳаза қилиб кўринг, қанча болани саводли қилишяпти. Осонмас. Шуям натижа аслида.
Ишонасизми, муболаға бўлмаса, миллионлаб юртдошларимиз ҳали Тошкентни кўрмаган. Самарқанд, Бухоро ё Хиванику қўяверинг. Чунки аксариятининг моддий имконияти етмайди. Ички туризм учун таклиф қилинаётган пакетлар эса у қадар жозибали эмас. Айримларидан ҳатто Дубай ёки Туркияга бориш арзонроқ тушади. Имтиёз борку десангиз, унинг учун шартлар ҳам етарли. Оддий одам ҳисоб-китоб қиладию, фикридан қайтиб, ўша пулни рўзғоримга ишлатаман дейди.
Аслида инсон умри давомида бир марта бориб кўриши керак бўлган шаҳарларимизни оддий юртдошларимиз ҳам кўра олиши лозим. Бунинг учун қулайликларни кенгайтириш, нархларни қайта кўриб чиқиш,
балки жамоавий, оилавий саёҳатларга кўпроқ чегирма беришни жорий қилиш зарурдир. Албатта, ортиқча шартларсиз. Шунда ўқитувчиям, бошқа касб эгасиям бировнинг ёрдамига муҳтож бўлиб ўтирмайди. Ўзи хоҳлаган пайтда саёҳатга чиқади. Бу кайфиятига ҳам ижобий таъсир қилади.
Кайфияти яхши бўлса, оиласида ҳам, ишида ҳам муҳит бошқача бўлади...
Бизни кузатишда давом этинг👇
@platformauzb
Батафсил:
https://t.me/+UaAfANSlNTEwYmQyПоказати повністю ...