Оллоҳнинг тақсимига рози бўл, энг бой инсон бўласан
Бу ҳақида аввал айтиб ўтган бўлсак ҳам, тушунарлироқ бўлсин деб шуларга баъзи бир қўшимчалар қилмоқчиман:
Сенга берилган мол-давлат, бола-чақа, уй-жой ва бошқа неъматларга қаноат қилмоқлигинг лозим, бу менинг эмас қуръоннинг сўзидир: «...Бас, сенга ато этган нарсамни олгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!». (Аъроф сураси, 144-оят)
Салаф солиҳларнинг кўпларининг гўзал иморатлари, от-уловлари ва хизматкорлари бўлмаган, шу билан бирга улар ўз ҳаётларида яхши из қолдирдилар, бахтиёр ҳолда ҳаёт кечирдилар, чунки улар Оллоҳ таоло ўзларига берган яхшиликларни Оллоҳ йўлига йўналтирдилар ва умрларига, вақтларига баракотлар берилди. Яна бошқа бир одамлар бор эдики, уларга мол-давлат, бола-чақа неъматлари берилди ва уларнинг бахтсиз бўлишларига мана шулар сабаб бўлди, чунки улар тўғри фитратдан, ҳақ йўлдан тойдилар бу эса ҳамма нарсани нарсалар белгиламаслигига очиқ ҳужжатдир.
Агар саодатни истасанг Оллоҳ яратган суратингга, оилавий аҳволингга, фаҳму-фаросатинг, даромадингга рози бўлгин. Айрим аҳли зуҳд мураббийлар ҳатто «сен ўзингнинг турмуш аҳволингдан пастроғига рози бўлиб яшагин», деб тарбия беришади.
Қуйида айтмоқчи бўлганларимиз нурга тўлган буюк инсонлардирки, улар ўзларининг ўта камтар дунёвий насибаларига рози бўлиб ўтдилар.
Ўз замонасининг буюк олими бўлган Ато ибн Рабоҳ, жингалак соч, пучуқ бурун, қорача, фалаж дардига мубтало бўлган, озод қилинган қул эди.
Аҳнаф ибн қайс барча арабнинг ҳалим кишиси, жисми ориқ, бели, оёғи букилган, заиф қомат киши эдилар.
Аъмаш муҳаддис олим, озод қилинган қул, кўзи хира, йиртиқ тўн, фақирона ҳаёт кечирар эдилар.
Буюк пайғамбарлар, Оллоҳнинг уларга салоту саломи бўлсин, уларнинг деярли барчаси чўпон бўлишган. Довуд темирчи, Закариё дурадгор, Идрис тикувчи бўлиб, барчалари башарият орасидан танлаб олинган инсонлар эдилар.
Демак сенинг ҳақиқий қийматинг зеҳну-заковатингдир, солиҳ амалларингдир, еткизган фойданг ва чиройли хулқингдир. Бас, сен чиройли, бой-бадавлат бўлмасанг ғамгин бўлма, Оллоҳ берган қисматга рози бўл.
Ўзингга эни осмонлар ва Ерга баробар бўлган жаннатни эслатгин
Оч-наҳор қолиб, маҳзун бўлсанг, дард чексанг, жабр тортсанг, зулм кўрсанг, нафсингга Оллоҳнинг неъматларини эслатгин, агар сен мана шу ақидага амал қилсанг, зиёнларинг фойдаларга, бало-офатлар ҳадяларга айланади.
Ақлли инсонлар Охират учун амал қиладилар, чунки Охират диёри яхшироқ ва боқийроқдир. Ахмоқлар эса бу дунёни мангу қароргоҳлари, орзуларининг чўққиси деб биладилар шунинг учун ҳам улар мусибатлар келса дод-вой қиладилар, ҳодисалар пайтида надомат чекурлар. Улар фақат ўзларининг арзимас ва аҳамиятсиз бўлган ҳаётларини ўйлайдилар, фақат фоний дунёни кўзлайдилар Охират ҳақида тафаккур қилмайдилар, унинг учун амал қилмайдилар. Демак улар хурсандчиликлари тугаб, фарахбахш онлари ниҳоя топишини истамайдилар. Агар уларнинг қалбларидан қоплаб олган занг, кўзларидан жаҳолат пардаси очилса эди, ўзларига мангу диёр, унинг неъматлари, ҳовли ва қасрлари ҳақида сўзлаган ва у жаннатни васф этгувчи ваҳий хитобларини эшитган бўлар эдилар. Зеро, Оллоҳ ҳаққи, Охират диёри эътибор ҳаракат ва интилишга лойиқ бўлган боқий ҳовлидир.
Аҳли жаннатларнинг сифатлари ҳақида узоқроқ мулоҳаза юритиб кўрганмизми? Улар у ерда касал, ғамгин бўлмайдилар, ўлмайдилар, ёшликлари тугамайди, кийимлари эскирмайди, улар таши ичкаридан, ичи эса ташқаридан кўринадиган хоналарда бўладилар. У жойда кўз кўрмаган ва қулоқ эшитмаган ноз-неъматлар бордир, у жойда бирон инсон учун қўрқув-хатар йўқ, унинг бир дарахтининг сояси остидан отлиқ одам юз йилда кесиб ўтолмайди, ундаги чодирларнинг баландлиги олтмиш милга – 120 километрга баробар, анҳорлари доимий оқувчи, қасрлари баланд, мевалари яқин, унинг оқар булоқлари, баланд сўрилари, (булоқ бўйига) қўйиб қўйилган қадаҳлар, тизиб қўйилган ёстиқлар, тўшалган гиламлари бордир. Шодлик, қувонч, завқлари бир олам, бўйлари таралган, уни сифатлашга тиллар ожизлик қилади. Барча орзулар ўша жойда рўёбга чиқар. Бас, нега биз шулар ҳақида фикр қилмаяпмиз, зикр қилмаяпмиз?!
#маҳзун_бўлма
#бирга_мутолаа_қиламиз
🖇🕊
https://t.me/+krQT9nbKt-llNzcyKo'proq ko'rsatish ...