✒️ТИРГАК.
(Ҳикоя)
Уларнинг ёши бир ерга етганда, аёл мундоғ ўгирилиб ортига қараса, мудом эридан норози бўлиб яшабди: одам ҳам шунчалар лапашанг бўладими?.. Ана, кеча эрталаб дўконга нонга чиқиб кетиб, бўм-бўш қўл билан қайтиб ўтирибди. “Ҳа”, деса, “нон бир соатдан кейин келаркан”, дейди. “Унисида шундай бўлса, наригисига бор, ҳозир нима кўп, нон сотгич дўкон кўп. Шу замонда ҳам киши нонсиз уйга қайтадими?..” деса, “таниш сотувчидан иссиқ нон олганга нима етсин, онажониси!” дейди. Ахир, наригисида ҳам ўша иссиқ нон бўлади, нима фарқи бор?” деганди, “жуда катта фарқи бор-да, хотинжон, юзи кулчадек кулиб турган қадрдон сотувчининг қўли теккан ноннинг мазаси бошқа-да!”, дейди, тавба... Бир кун олдин музлатгичдан сутни оламан деб тўкиб юборган ҳам шу бўш-баёв эр!..
– Мен бўлмасам, кунийз ўтмайди сизнинг! – Деб яниб яшади кампир.
– Сен бўлмасанг, ўзим ўтиб кетаман бу дунёдан, онаси! Cен менинг тиргагимсан, сенсиз эгиламан–синаман! – Деб келди жавобан чол мудом аёлига жилмайиб.
Тавба, бундай деб тургандан кейин уни на тузукроқ уришиб бўлади, на тузатиб. Дардисармисан дардисар! Лекин беозор дардисар-да, нима қиласан, энди...
Аммо-лекин аёлнинг ичи чиқмай яшади-ку. Турмушнинг оғири елкасини яғир қилганда, неча бор ажрашаман, дея ичида оловланди. Ажрашиб, юрганда товонидан ўт чақнайдиган, овози гулдиракдек, ҳар бир сўзи ханжардек кескир-ўткир, оилада ва жамиятда қоядек ўрни бор эркакка эрга тегаман, деб хаёл қилди. Лекин қаёқда, бирин-сирин уч қиз туғилдию улар билан андармон бўлиб, ёшликда – жоҳилликда ўйланган ўйлар ҳавога учди-кетди. Кейин уларнинг ўқиши, иши, турмуши дегандек, қарабсизки, бу ёқда умр ҳам поёнига яқинлашиб қолибди. Шу экан-да ҳаёт?!..
Нафсиламрини айтганда, шу ҳаётни ўзи тилаб олмагандими Яратгандан. “Эй, Оллоҳим, менга бир бечора одамни умр йўлдош қилиб бергинки, унга тиргак бўлиб яшай, кўнглинию қаддини кўтарай” демаганмиди?.. Деганди. Нега энди нолийди?.. Дўппи тор келдими?.. Оҳ, тор келганда қандоқ! Секин айтасизми бу сўзни?!.. Гоҳида шунчалар тор келдики, бошларида ғурралар пайдо бўлди!.. Сўзда бошқаю амалда уларга – сўзда айтилганларга чидаб яшаш бошқа бўларкан. Сўзда ҳаммаси чиройли эшитилавераркан, ҳаётда эса Худонинг берган куни сабр қилиш дегани Худонинг берган кунида сиртмоққа ўзингни осиш дегани экан, валлоҳи! Ҳа, устма-уст келган синовлар одамнинг жон-жонидан ўтиб кетаркан...
“Бутун рўзғор менинг бўйнимда: уй ҳам, бозор ўчару бола-чақа ҳам, ҳамма ҳаммаси. Эркак бўлиб нима қилдийз? Ўзи эркакмисиз?..” Бу гапларни неча айтди аёл эрига. Лекин эр шундаям миқ этмади-ей. Бу ҳам майли, аёлининг юзига қараб табассум қилару: “сиз менинг тиргакимсиз, сизсиз нима қилардим, билмайман, борингизга шукр, хотинжон”, деб келди, Тангри ёрлақагур.
“Уч қиз... Уч қиз-а?!.. Битта ҳам ўғил туғдира олмади, лапашанг!” Хаёлидан ўтиб юрди аёлнинг бутун умр. Кунлардан бир кун оғзидан чиқиб ҳам кетди шу аччиқ таъна. Ана ўшанда илк бор эрининг кўзларида ғазаб билан нафрат ёлқинланиб кетди. Илк бор эр жонивор аёлининг танбеҳини жилмайиб кутиб олмади, жавобан ширин сўз айтмади, билъакс, изига бурилганча уйдан чиқди-кетди. Шу кетганча бир ойча қорасини кўрсатмади. Аёл эртасигаёқ ишхонасига бориб, эрининг олис вилоятга “командиров”га кетганидан хабар топиб келганди ўшанда. Ахир, у жим ўтирардими? Асло! Ҳамма нарса – уй ҳам, кўча ҳам, уларнинг ҳаётига тегишли нимаики бўлса, бари-барчаси аёлнинг назорати остида бўлиши шарт, ахир!.. Эр “латта” бўлган уйда хотиннинг ҳам тошбақадек судралиб юриши оила учун кулфатнинг ўзгинаси! Нима бўлгандаям, ўшанда эрининг бир марта “вақ” деганини эшитди аёл. Ахир, неча бор унга: “қурбақани боссанг ҳам “вақ” дейди, сизда нега ўша “вақ” ҳам йўқ?!.. Ишда ҳам, уйда ҳам, кўча кўйу гап-гаштакда ҳам аммамнинг бузоғидек бўшашасиз, бормисиз ўзи?!..” дегич эди-да. Лекин ўшанда бир марта “вақ” деди эр, дея олди. Нафақат деди, айни дамдла, бир ойлик командировкадан уйга кириб келган эр хотинга қаттиқ қараб шуларни ҳам айтди: “Ўғилдир, қиздир, Оллоҳ берган неъмат, деб қараш керак
Ko'proq ko'rsatish ...