Ҳовлининг эгаси. (ҳикоя)
Робия буви тўсатдан дарвозадан кириб келган баланд бўйли йигитни аввалига танимади. Хиралашиб қолган кўзларини қисиб, бир зум тикилиб тургач, бирдан чеҳраси ёришиб, пилдираганича унга интилди.
– Жавлонмисан, вой жон болам! Сениям кўрар кун бор экан-ку!
– Кампир Жавлонни маҳкам қучиб, пешонасидан ўпди. Анчагача бағридан бўшатмади.
– “Муштдеккина-я бувим! Кўрмаганимга қанча бўлди? Бир йилдан ошди-ёв, йўғе, икки йил бўлди. Овозлари ўктамгина эди, қаттиқ-қаттиқ гапирардилар бобомга, ҳозир эса…” Жавлон шундай хаёллар исканжасида бувисидан келаётган таниш исни – қатиқ аралаш қалампирмунчоқ ҳидини туйиб, негадир ўпкаси тўлиб кетди. Кампир ҳамон ундан айланиб-ўргилар, тинмай гапирарди:
– Кел-да, шундоқ, болам! Менам ғанимат бўлсам, бугун бўлмаса индин худди бобонгга ўхшаб… Ўзим борай десам, йўл ўлгур узоқ, ярамайман. Ҳаҳ, болам, қариганингдан кейин шу экан-да, қуруқ савлатинг қолар экан…
Уйга киришди. Яна таниш, қадрдон, олис болалик чоғларини ёдга солувчи ҳид димоғига урилди. Билади, бу бувисининг сандиғидаги ўша ҳид – новвоту парварда, яна бир хил мулойимгина, лас ҳолва деб аталадиган ширинликлар, орасига райҳон барглари солиб қўйилган кийимлару, турли дориворлар ва, албатта, қалампирмунчоқнинг бир-бирига қоришиқ иси. Робия буви Жавлонни қўярда-қўймай хона тўрига ўтқазди. Рўпарасига ўзи ҳам чўкди-да, озғин, томирлари бўртиб чиққан титроқ қўлларини дуога очди.
– Омин, қадам етди, бало етмасин, эсонлик, тўрт кўз тугаллик бўлсин, кенг феъл, кетмас давлат берсин, Аллоҳу акбар! – дея юзига фотиҳа тортгач, – Омонликда кўриштирганига шукр! – деб қўшиб қўйди ва неварасига тикилди. “Ранги бир ҳолгина. Йигитнинг шашти қайтгунча, ҳўкизнинг шохи синсин, деб бекорга айтмаган-да, эҳ, қанийди, шугинанинг йўли очилиб кетақолса. Э Худо, кенг даргоҳингдан ўзинг бенасиб қўйма, бир парчагина этни шу банданггаям бергин! Буни деб бир куйсам, у ёқда Ҳалима ҳам… Эҳ, баъзан ўз болаларингга ҳам сўзинг ўтмай қоларкан. Билатуриб буларни бахтсиз қилишди-я!”
– Нега бир ўзинг келдинг? Келинни ҳам олиб келсанг, бўлмасмиди? – деб сўради кейин неварасидан.
– Бошқа сафар келар, буви, – деди Жавлон тўсатдан келишининг сабабини изоҳлаш учун жўялироқ баҳона излар экан, ёлғон сўзлашга тўғри келаётганидан ўнғайсизланди, – ишидан рухсат ололмадик, гап тегмасин, деб олиб келмадим…Ўзим бўлса, таътилдаман, сизни бир кўриб кетай, деб тўғри келавердим…
– Ажаб қилибсан, болам, кел-да шундоқ, – деди яна кампир, – бобонгга суянарканманми, дейман-да, ўтганидан бери бир ўзим жуда гарангсиб қолдим. На амакингникида, на аммаларингникида бир кундан ортиқ тура олмайман. Дарров ўзимнинг уйимга қайтгим келади. Гўринг нурга тўлгурнинг чироғини ёқиб ўтирай дейман-да. Отанг бўлса, мана, катта шаҳарга жўнаганича, ойда-йилда бир келади, ўрисга ўхшаб қолди-да, ўрислар билан ишлайвериб. Ҳа, майли, омон бўлсин…
Жавлон жилмайди. Хотирасининг энг тиниқ кўзгусида муҳрланган дамларни эслади…
Ана, бобоси – бутун қиёфасидан шиддат ёғилиб турган барваста чол, кўкиш-оқ соқолини чайир бармоқлари билан тараганча, диван-каравотида ёнбошлаб ётибди. Кўзига кўзойнак тақиб олган, телевизордан “Ахборот”ни кўряпти. Робия буви аччиққина дамланган кўк чойни оғир, қалин шоҳпиёлага сузиб, чолига узатади. Ер тагидан бир-икки қараб олгач, аста гап бошлайди:
– Қилични чақириб олсангиз, бўлармиди, отаси? Етар шунча юргани, келиб уйига ўзи эгалик қилсин…
Бобоси мийиғида кулиб, кампирига ўгирилади. Бир чеккада китоб ўқиб ўтирган ўсмир – Жавлонни имлаб кўрсатади:
– Мана, ўғлини бериб қўйибди-ку, шу-да уйнинг эгаси, кампир!
Робия буви чолига гап уқтириб бўлмаслигини билса-да, таслим бўлгиси келмайди:
– Ҳадемай, мактаби битса, буям кетади-да! Ким қарайди ҳайҳотдай ҳовли-жойга? Кенжангизнинг юриши бу бўлса… Қилич ҳарҳолда, уйнинг каттаси, шу ерда ватан қилсин, дейман-да. Токай юради бегона шаҳарда хотини билан тўртта боласини судраб…
– Ҳа энди, ризқ-да, кампир, Худо қаерга сочса, бандаси бориб териб ейиши керак экан-да! Ишини биласан-ку, – дейди бобоси осойишталик билан.
– Ишиям бор бўлсин, – Робия бувининг сира алами тарқамайди, – ўрисга қўшилиб, ўзиям охири......
عرض المزيد ...