#Илмфан
ФАЛОКАТДАН ҚУТУЛИШ МУМКИНМИ?
Сув ресурслари чекланаётгани – минтақамиз қурғоқчиликка юзлашаётгани ҳақида кўп эшитамиз. Бу нафақат иқтисодий таназзул, балки урушларга олиб келиши мумкинлиги башорат қилинганди.
Қурғоқчиликнинг салбий оқибатлари аллақачон кўрина бошлаган. Тоғлардаги ўсимлик қопламининг қисқариши, деҳқончилик мавсумида сувнинг кескин чекланиши, ер ости сувларининг чекиниши... Бу кетиш бўлса узоқ эмаски, чўл-биёбонларга эга бўлсак.
Ечим борми?
Илмий асосланган ечимлари кўп. Бир эмас, бир неча. Биз ана шундай ечимлардан бирини таклиф этганмиз. Куз, қиш ва эрта баҳорги ёғиннинг узоқ вақт тупроқда сақланиш имконини берадиган биотехнология. Табиий, экологик мақбул ва арзон.
Тупроқ бактериялари кўплаб биомолекулаларни ҳосил қилади. Улар орасида экзополисахарид деган тоифаси бор. Бир хусусияти сувни яхши ушлайди. Тупроққа солинса намини узоқ муддат сақлаб туради. Бизнинг тупроқларда намлик кўп сақланмайди. Анча йиллардан бери шу биомолекуланинг хусусиятларини ўрганамиз, лойиҳалар бажарганмиз. Шу модданинг 1 грамми 120 грамм атрофида сувни бириктириб олади. “Қўлга тушган” сув 2-3 ой давомида тупроқда сақланади. Бу муддатда ўсимлик бемалол ривожланади. Таклиф этаётган усулимиз учун суғориш керак эмас. Юқорида ёзилганидек, куз, қиш ва эрта баҳорнинг ёмғир-суви етади.
Ҳорижда бундай биотехнология ва биополимерлар жуда кўп, қўлланмоқда ҳам. Демак, бизда ҳам бемалол қўллаш мумкин.
Иккинчи томондан, йилдан-йилга чанг-тўзон кўпайиб бормоқда. Бир сабаби, қурғоқчилик. Демак, шу биомолекула ва биотехнология ёрдамида ҳавога кўтарилаётган чанг заррасини “зарарсизлантириш” мумкин. Нам тупроқдан ҳавога чанг зарраси кўтарилиши эҳтимоли кескин пасаяди.
Учинчи томондан, бу турдаги биомолекулалар тупроқ шўрини кесади. Шўр ҳосил қилувчи тузлар, жумладан, NaCl ва Na2SO4 лардаги натрий катионини “сўриб” қўяди. Туз “сўрилиб”, салбий хусусиятини йўқотади.
Фикримча, миллий уруғчилик каби бу масала – қурғоқчиликдан ҳимоя масаласи ҳам миллий бўлмоғи, уни давлатнинг ўзи узоқ муддатлик стратегия асосида ҳал қилмоғи, қонунчиликни шакллантирмоғи лозим.
Тупроқ ва унинг софлиги ҳар доим нозик масала бўлиб келган.
Хулоса ўрнида айтишим керак, яқинлашаётган фалокатнинг ечими бор. Фақат унга тўғри ёндошув керак.
Бахтиёр Абдуғафур,
биолог олим.
@olimlar_minbariعرض المزيد ...