ҚАРСАК ЧАЛИБ ҚОЛМАЙЛИК
(ёхуд ўзбекнинг куни айронга қолмасин)
Бир вақтлари илм-маърифат бешиги бўлган юртимизга – Маъмун Академиясига дунёнинг ҳар бир бурчагидан билим излаб келиб, илм олиб кетганлар.
Эндиликда эса мана шу бешикнинг авлодлари бўлмиш энг илмли ёшларимизни ҳар қанча пул тўлаб бўлсада дунёнинг ҳар бур бурчагига олиб кетмоқдалар.
Мислсиз грант ажратиб долларга сотиб олиб кетилаётган ёшларимиз энг нуфузли ўқув даргоҳларида билим олиши, энг зўр шароитда яшаши мумкин, аммо, кимларнинг таъсирида бўлади, дунёқараши қандай шаклланади, ўқишни битиргач қайси йўлни танлайди - номаълум.
Тўғри, жадидлар даврида ёшларни Оврўпода ўқитиш давр талаби эди. Аммо, бугун Европанинг ҳам, АҚШнинг ҳам мана-ман, деган Университетлари таълимини масофадан ўзимизда ўқитиш, керак бўлса домлаларини олиб келиб болаларимизга ўзимизда таълим бериш чўт эмас.
Гарвард, Оксфорд каби ўқув биноларини қуриб жиҳозлаш, барча шароитларни яратиш давлатимизнинг ҳам, кимўзарга осмонўпар иморатлар қураётган тадбиркорларимизнинг ҳам, топганига машина олиб, данғиллама тўй қилаётган халқимизнинг ҳам қўлидан келади.
Қаймоғимизни сотиб, қатиғимизни тарқатиб, ўзбекнинг куни айронга қолмасин. Ёшларимиз ўқиши учун неки шароит бўлса ўзимизда яратайлик. Ҳеч бўлмаса бир-иккита ўқув юртини Гарвард даражасига кўтарайлик.
Бугун ёшларимизнинг четга кетаётганидан фахрланиб қарсак чалаётган бўлсак – эртага уларнинг қайтганини кўра олмай қўлларимизни осмонга кўтариб яна қарсак чалиб қолмайлик...
Демади – деманглар...
Мирзабек ЖАПАҚОВ, ҳуқуқшунос журналист.
👇👇👇👇
https://t.me/ustozlar_uchunShow more ...