Ибратли масал.
Ўрмондан ўтин кесиб тирикчилигини ўтказадиган фақир бир одам бор эди. Бир куни у одатдагидек ўтин кесар экан, ердан бир илон чиқиб қолди. Ўтинчи илонни болтаси билан энди чопиб ўлдирай деганда, илон тилга кирди:
--- Эй инсон! Мени ўлдирма. Мени ўлдириб нима фойда кўрасан? Ўзинг фақир одам бўлсанг. Кел келишайлик. Сен ҳар куни ҳув анави чуқурнинг олдига кел. Мен эса, ҳар куни бир олтиндан сенга олиб чиқиб бераман. Эҳтиёжларингни қондирасан. Ортса садақа бериб савоб қозонасан.
Бу гап ўтинчига маъқул келди. Илонни қўйиб юборди. Эртаси куни келишилган жойга келди. Ҳақиқатан ҳам илон чуқурдан бир олтин чиқариб берди. Шу-шу ўтинчи ҳар куни ўша жойга борар, ваъда қилингандек бир олтинни олиб уйига қайтар эди.
Турмуши бекаму кўст ўта бошлади.
Иссиқ жон. Бири куни ўтинчи хасталаниб қолди. Ўрмонга боришга ҳоли йўқ. Лекин, бормаса бир олтиндан қуруқ қолади. Сирни бировга айтиш эса, оқиллик эмас. Ўтинчининг бир ўғли бор эди. Ўғлини чақирди. Ҳолатни англатди.
--- Шу жойга борасан. Бир чуқурдан илон бир олтин чиқариб беради. Олиб келасан.
Ўғил айтилган жойга борди. Ростан ҳам чуқурдан илон чиқиб келди. Бир олтин берди. Ўғил олтинни олар экан, ҳирси жўш урди:
--- Модомики, бу илон шунча вақтдан бери отамга кунда бир олтиндан чиқариб бераётган экан, пастда анча катта хазина бўлиши керак. Бир йўла хазинага эга бўлай, деб илонга болта солди. Илон қочай деб, думидан айрилди. Жон аччиғида дарҳол одамга ташланиб, уни чақиб ўлдирди....
Ўғилдан дарак бўлмагандан сўнг, ота хабар олгани ўрмонга борди. Не кўз билан кўрсинки, ёлғиз ўғли жон таслим қилганча ерда ётар эди. Сал нарида эса, таниш илон думини даволаш билан овора эди. Ўтинчи вазиятни тушунди. Илонга деди:
--- Ўғлим хато қилди. Бўлар иш бўлибди. Биз дўстмиз. Шу дўстлигимизни бузмайлик. Бу ишларни унутайлик. Аввалгидек, ҳар куни келиб бир олтиндан беришингни давом эттиравер.
Шунда илон эътироз билдириб деди:
--- Сенда фарзанд доғи, менда эса думимдан айрилганимнинг аччиғи бор экан, биз ҳақиқий дўст бўлолмаймиз.
*
Оталаримиз айтади:
«Говурдан дўст бўлмас,
Тўнғиздан пўст!»
http://t.me/joinchat/AAAAAEYPRks2uNaKVh5mhwShow more ...