ҚОРИН ҚЎЙИШ ҲАҚИДА
#саломатлик
❓CАВОЛ: Исломда қорин қўйиш ҳақида нима дейилган?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Динимиз кўрсатмаларига амал қилиб яшаш ортиқча вазн муаммосига олиб келмайди. Чунки Ислом инсонни меъёрида ва соғлом овқатланиш (рўза тутиш, парҳез) ҳамда жисмоний хатти-ҳаракатларни кўпайтиришга тарғиб қилади. Имом Термизий ва бошқа муҳаддислар Миқдод ибн Маъдийкарибдан ривоят қилган ҳадисда:
المقداد بن معدي كرب - رضي الله عنه - قال: سمعتُ رسول الله - صلى الله عليه وسلم - يقول: ما ملأ آدمي وعاء شرًّا من بطن، بحسب ابن آدم أكلات يقمن صلبه، فإن كان لا محالة فثلث لطعامه، وثلث لشرابه، وثلث لنفسه.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
“Одам боласига тўлдириш учун қорнидан кўра ёмон идиш йўқ. Инсонга қаддини кўтарадиган луқмалар кифоя. Агар иложи бўлмаса, қориннинг учдан бири таоми, учдан бири ичимлиги ва учдан бири нафаси учундир”.
Ушбу ҳадисда меъёрида таомланишга тарғиб бўлса, Имом Муслим ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жисмоний фаолликка чақириб бундай дедилар:
عن أبي هريرة قال: قال رسول الله ﷺ: المؤمن القوي خير وأحب إلى الله من المؤمن الضعيف وفي كل خير، احرص على ما ينفعك، واستعن بالله ولا تعجز... رواه مسلم
"Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга маҳбуброқдир, лекин ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Сенга фойдали бўлган ишларга ҳарис бўлгин ва (ишингда) Аллоҳдан ёрдам сўрагин, лекин ҳаргиз ожизланмагин!".
Ҳадислардан маълум бўлишича, динимиз мусулмонни кучли, чаққон ва соғлом бўлишга тарғиб қилган. Бугунги кунда ортиқча вазн инсон саломатлигига зарар ва кўплаб касалликларнинг сабабчиси эканлигини замонавий тиббиёт исботлади. Динимизда ўзига ҳам бировга зарар етказиш йўқлиги ҳақида Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда таъкидлаганлар:
عن أبي سعيد سعد بن سنان الخدري رضي الله عنه : أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال : لا ضرر ولا ضرار، رواه ابن ماجة والدارقطني.
яъни,
“ўзига ҳам ўзгага ҳам зарар келтириш йўқдир”. Модомики, ортиқча вазн саломатликка зарар келтирар экан, уни мусулмонларга тақиқланиши табиийдир.
Шу ўринда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги замон умматлари тўғрисидаги башоратларини ўз ичига олган ҳадисни эслатиб ўтиш ўринли.
عن عِمْرَانَ بْن حُصَيْنٍ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : إِنَّ خَيْرَكُمْ قَرْنِي ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ . قَالَ عِمْرَانُ : فَلَا أَدْرِي أَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَعْدَ قَرْنِهِ مَرَّتَيْنِ أَوْ ثَلَاثَةً . ثُمَّ يَكُونُ بَعْدَهُمْ قَوْمٌ يَشْهَدُونَ وَلَا يُسْتَشْهَدُونَ ، وَيَخُونُونَ وَلَا يُؤْتَمَنُونَ ، وَيَنْذِرُونَ وَلَا يُوفُونَ ، وَيَظْهَرُ فِيهِمْ السِّمَنُ.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Сизларнинг энг яхшингиз менинг асримда яшаганларингиз. Сўнг улардан кейин келганлар. Сўнг улардан кейин келадиганлар. Сўнг улардан кейин келадиганлар. (Шу ерда Имрон айтади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз асрларидан кейин икки асрни санадиларми, учта асрни тилга олдиларми, аниқ билмайман).
Сўнг улардан кейин гувоҳликка чақирилмаса ҳам гувоҳлик берадиган, омонатдорлиги йўқ бўлиб, хоинлик қиладиган, назр қилиб унга вафо қилмайдиган одамлар келади. Уларда семизлик пайдо бўлади”.
Албатта, бу ҳадисда хилқат жиҳатидан эмас, балки пала-партиш овқатланиш, еб-ичиш ва маишатларга керагидан ортиқча берилиб кетиш оқибатида келиб чиқадиган тана оғирлиги ҳақида гап кетади. Исломда ҳеч қачон хилқатдаги айб хоҳ у туғма бўлсин, хоҳ у бирор касаллик туфайли инсон камситилмайди. Лекин семизлик яхши хислат эмаслигидан огоҳлантириш бор.
Демак, динимизда ортиқча вазнни бепарволик, дангасалик ва меъёрида овқатланмаслик оқибатида тўплашлик қораланган экан. Шунинг учун мусулмон киши ҳамма нарсада шу жумладан вазн борасида ҳам мўтадил бўлмоғлиги муқаддас Исломнинг тавсияси ҳисобланар экан. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
✅
Улашинг |
@an_sakinatShow more ...