Энди аёлларга қарши чекловларга келсак.
Юқорида айтилган вазирликнинг расмий сайтида ўзи иккита қонун
бор: Қонуни самъи шикоят ва
Қонуни амр ба маъруф ва наҳий аз мункар. Булар вазирлик фаолиятини белгиловчи қонунлардир. Мана шу
иккинчиси, анча олдин ишлаб чиқилган бўлса ҳам, уч кун олдин — 22 августда
қабул қилинди, матни
Расмий жаридада эълон қилинди.
Ҳужжатда фақат аёлларнинг юриш-туриши ҳақида гап кетмайди — у ерда жуда кўп масала бор. Масалан, шу қонун билан ОАВ фаолиятига анчагина чеклов қўйиляпти — 22-моддага кўра, ёзув машиналари, радио каби мосламалардан "нотўғри" фойдаланиш, 17-моддага кўра, шариатга зид гаплар айтиш, мусулмонларни ҳақорат қиладиган контент бериш, галстукда, ғарбона кийимда чиқиш, жонли мавжудотлар тасвирини кўрсатиш тақиқланяпти. Мустақил ахборот агентликлари шу қонун асосида цензура қилинади.
Ҳужжат тўрт боб, 35 моддадан иборат. Биринчи бобда
иҳтисоб (одоб-ахлоқ қоидалари назорати) қандай амалга оширилиши,
муҳтасиблар фаолияти, иккинчисида муҳтасибнинг вазифалари, учинчисида таъзирлар (жазолар), тўртинчисида назорат, ижро тартиблари белгиланади.
13-модда аёллар дресс-кодига, 14-модда эркаклар дресс-кодига бағишланади.
Қонунни қисқача ўрганиб чиқиб, унда конкрет сиёсий мақсадлар борлигини кўрдим. Юқорида айтилган 17-модда ана шундай сиёсий мақсадга — мустақил журналистикани қўлга олишга хизмат қилади.
Адлия матбуот котиби
Баркатуллоҳ Расулий вазирликнинг вазифаси
ҳанафия ҳуқуқини таъминлаш деганига қарамай, сиёсий мақсадлар туфайли ҳанафияга зид тартибларам қонунга кириб кетган. Масалан, аёллар юзини очиб юриши, омма олдида баланд овозда гапириши ва кулиши тақиқланган. Турли каналларда аёлларнинг умуман омма олдида гапириши тақиқланди деб ёзишяпти, аслида оммавий чиқишлар қилиш тақиқланяпти. Бу чекловлар ҳанафияга тўғри келмайди. Улардан мақсад — афғон аёлларининг ҳаракатини чеклаш. Афғон аёллари уч йилдирки ўз ҳуқуқлари йўлида ҳаракат қилади — намойишлар уюштиради, медиада чиқишлар қилади, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. Аёлларнинг оммавий чиқишини тақиқлаш аёлларнинг оммавий намойишларини тақиқлаш учун ўйлаб топилган бир чекловдир.
Жазога келсак. Бу борада жуда дезинформация бўлмаса ҳам, масалани тушунмай талқин қилиш кўп: юқоридаги қоидаларга риоя этмаганлар судсиз жазоланиши мумкин деб ёзишяпти. Аслида вазият бошқачароқ.
Шариатда икки жазо тури бор:
ҳадд (оғир чора) ва
таъзир (енгил чора). Қонунда фақат таъзирлар белгиланган. Улар учун суд шартмас. 24-моддага кўра, муҳтасиб ҳуқуқбузарликни кўрса, ишнинг оғир-енгилига қараб қуйидаги таъзирларни белгилаши мумкин: насиҳат, илоҳий жазодан огоҳлантириш, таҳдид қилиш, молини мусодара қилиш, бир соатдан 24 соатгача қамаб қўйиш (маъмурий қамоқ). Яъни уч марта оғзаки танбеҳ берилиб, кейин бир суткагача қамаш мумкин. Ҳуқуқбузарлик шунда ҳам такрорланаверса, иш судга оширилади.
@AsanovEldarShow more ...