Туркиялик Ислом олими Мехмет Фотих Читлак хўжамиз Умра зиёрати вақтида Ухуд тоғига узоқ боқиб, ёнидаги талабаларидан сўрайди:
- Ухуд ғазотида камончилар тепалигини (ўлжа тўплаш учун) тарк этган сахобалар кимлар эди?
Хамма жим. Жавоб йўқ. Устоз саволини такрорлайди:
- Камончилар тепалигини тарк этган сахобалар кимлар эди?
Талабаларнинг хижолатдан бошлари эгик.
- Билмаймиз, устоз... - дейишади секингина.
- Ишонинг, аслида мен хам буни билмайман, - дейди устоз кўзлари ёшланиб. - Буни ҳеч ким билмайди. Уларнинг номлари хеч қачон хеч ерда айтилмаган, хеч бир манбада ёзиб қолдирилмаган. Тепаликни ташлаб кетиб, мусулмонларнинг кўп талафот кўришига сабабчи бўлган ўша камончиларнинг ким бўлганини хатто уларнинг рафиқалари хам, фарзандлари хам билмаганлар. Чунки, бошқа сахобалар буни асло ошкор этишмаган, яширишган. Йиллар ўтиб, Жамал ва Сиффин ходисаларида бир-бирларига қарама-қарши турганларида хам, "Сиз Ухуддаги тепаликни ташлаб кетгандингиз", дея ўзаро маломат қилганлари йўқ. Бир-бирларига қарама-қарши холларида ҳам бир-бирларининг хатоларини юзига солишмади. Чин мўмин-мусулмон - мана шундай гўзал ахлоқ эгасидир! Энди англаб турибманки, Уҳуд аслида мағлубият эмас, ғалаба бўлган экан - инсонийлик, мусулмонлик ғалабаси бўлган экан...
Бир-бирининг хатосини кўриб қолса, айблаш "имконияти"ни қўлдан бой бермай, дархол оммага ошкор қилишга киришадиган; бир-бирини обрўсизлантиришдан, масхаралашдан завқ оладиган "муслим"ларни, "муслима"ларни кўрганимда устозимизнинг шу гаплари эсимга тушади.
..."Мен бор гапни айтяпман, холис одамман" дея бошқаларнию ўзини алдайдиганлар икки елкаларидаги малакларни алдай олмайдилар-ку барибир! Бу ишлари учун малаклар уларнинг номаи аъмолига: "Бу банда - холислардандир" деб ёзишмайди, "Бу банда биродарининг гўштини еди" деб ёзишади.
Бир-бирининг айбу хатосини оммага ошкор қилмаган, бир-бирининг камчилигини элга достон қилишдан хазар этган асхоби киром қатори Жаннатга кирмоқни истайдиган "гапдон"лар диндошларининг гўштини чайнашга ихтисослашган оғизларини тавба суви билан поклаб олсинлар. Чунки, Жаннат - ювиқсизлар кирадиган жой эмас.
👉
@psixomotivatsiya каналини кузатиб боринг❗️
Show more ...