СОҒ БЎЛИНГ АЁЛЛАР!
🌺☘️🌸
Куни кеча кўйлагим сиғмай қолиб,
Ойнада ўзимнинг аксимни кўрдим.
"Вой ўлай, бирам уялиб кетдим,
Қачон шундай семириб улгурдим?"
Унча кўп емайман, бари меъёрда,
Бир кунда атиги уч махал таом.
Бир эслаб кўрайчи еганларимни,
Зора ортиқча вазн сабабин топсам.
Нонуштага ёғли қатлама, ширчой,
Баъзида холвайтар, нон тўғраб қаймоқ.
Колбаса ва ёки уч, тўрт сосиска,
Булар бўлмаганда мазали қуймоқ.
Соат ўн бирларда бир чашка кофе,
Ёнида ширинлик билан зўр кетар.
Тушликка макарон, нонпалов ёки
Аллоҳ насиб қилган бир таом бўлар.
Келиним дер: "Ойижон, сомса қилгандим"
Ғизиллаб келибди толмачой вақти.
"Ичига чарвилар солгандим, олинг"
Еб олдим, мазаси оғзимга ёқди.
Кечга хоним, палов ва ёки манти,
Бир қуюқ таомда, ёнида салат.
Кечқурунга бақувват ейиш керакда,
Нимагадир бизда шунақа одат.
Майонессиз салатга хушим йўқ сира,
Майонез беради салатга маза.
"Винегрет", "грекча"... Шу ҳам салатми?
"Мимоза", "Оливье"… Бирам хушмаза.
Овқатни нон билан ейиш одатим,
Орада қандли чой ва Гулзор патир.
Лаваш ва гамбургер, баъзида тортлар,
Лекин ёқтирганим - оширма хамир.
Ҳафтада икки, уч меҳмондорчилик,
Эл қатори ейман уч, тўрт хил таом.
Менинг таомномам бор йўғи шудир,
Ортиқча хеч нарса емайман. Тамом.
Айтганча, дугонам сув ичгин деди,
Кўпайтирдим "Пепси", "Кола", "Динай"ни,
Морс ва "Фанта" ёнига "Кавсар"ни қўшдим,
Ёқтирмайман газсиз сув ҳамда кўк чойни.
Ўғлим олиб берган югуриш йўлаги
Савлат тўкиб турар уйнинг тўрида.
Диванда ёнбошлаб қараб ётаман,
"Қурмағур, ўзи ҳам жуда зўрида".
Қизил гантели бор, айлана диски,
Кўпгина машқлар қилса бўлади.
"Ҳой келин, устини яхшилаб ўранг!
Палон пуллик нарса, чанг, панг қўнади".
Олиб келган устага дедим - "Хой болам,
Кафолат муддатин билайин, айтгил.
Дер: "Хола, русларга уч ой кафолат,
Сизга роппа расо бу муддат - бир йил.
Чунки улар тинмай шуғулланади,
Сизларчи, югурмай олиб қўясиз.
Биламан, баъзида иш бериб қолар:
Устига кийимлар илиб қўясиз".
Қисқаси вазним ҳам ошиб кетибди,
Юз кило - бир центнер бўлиб қолибман.
Букчайиб, энкайиб ва чўлоқланиб,
Қари нусха уриб, сўлиб қолибман.
Хатто пайпоғимни кия олмайман,
Бир қадам ортиқча юрсам нафасим-
Сиқар, юрак дук - дук уриб кетади,
Изладим, бормикан бунинг чораси?
Бир парҳез қилгандим, фойда кўрмадим,
Мурожаат қилдим ҳар хил услубга.
Барака топгур келин бошлади,
"Тўғри овқатланиш" деган клубга.
Бир яхши аёллар қучоғин очиб,
Эски қадрдондай қарши олишди.
Маслаҳатлар бериб, дастурлар тузиб,
Мени хам бинойидек йўлга солишди.
Ўргатишди сув ичиш тартибини,
"Кола", "Фанта" чиқди энди чиппакка.
Таомномам буткул ўзгариб кетди,
Ўтган кунлар айландилар чўпчакка.
Мева, сабзавотлар билан дўст бўлдим,
Улар кони фойда, витаминга бой.
Сув ювди танамни, бошидан оёқ,
Юзим тиниқлашди, очилди чирой.
Энди ақлим кирди, тез - тез, оз - оздан,
Фойдали таомлар, салатлар ейман.
Таним соғ, ўзимчи, бир енгиллашиб,
Нақ йигирма ёшга ёшардим дейман.
"Қарини овқат асрар", "Бўш қоп тик турмас",
Деб, еган эканман нафсни қўйвориб.
Жиловин тортгандим, измимга тушди,
Нақ қўйдайин ювошгина бўлволиб.
Югуриш йўлаги тиним билмайди,
Қор, ёмғирли кунда жоннинг рохати.
Ҳаво яхши бўлса сайрга чиқаман,
Беш минг қадам юриш энди одатим.
"Сиҳат тиласанг гар - кам егин"- дея,
Ибн Сино бериб кетган зўр сабоқ.
Амал қилгандим, мана ўзимни эплаб,
Ҳозирда бемалол кияман пайпоқ.
Гап бир пайпоқдамас, бутун вужудим,
Амримга бўйсинди, эмас нафсга қул.
Ғолибман нафсимга қарши жиходда,
Тўрт мучам соғ - кўз, қулоқ, оёқ ҳамда қўл.
Қариганда суйган фарзандига ҳам,
Ҳеч кимни қилиб қўймасин қарам.
Ўзимизга ўзимиз хизмат қилайлик,
Вақтни бой бериб, сўнг қилмасин алам!
Соғ бўлсанг ҳаммага ёқасан, аёл!
Озгина ўзингга ажратгин сен вақт!
Ёнингда жуфтинг, атрофда фарзанд.
Ва танинг соппа - соғ. Мана шудир - бахт!
Соғликка қарашнинг эрта - кечи йўқ,
Душанбадан ҳаракатни бошлаймиз.
Мастурахон бош бўлиб, жамоа тузиб,
Бир ойда ўн кило вазн ташлаймиз.
Аёллар! Соғ бўлинг! Уйга безаксиз!
Жамиятга, оилага соғлом кераксиз!
✍Мастура Хожи Она
Show more ...