#Танқид
БЛОГОСФЕРА ВА ЖУРНАЛИСТИКА: ҒИРРОМ ЎЙИН, ПЛАГИАТ, ҲАРОМДАН ҲАЗАР ҚИЛМАСЛИК, НАЗОРАТСИЗЛИК
Муаммонинг мазмуни
Биз ижтимоий тармоқлар, фуқаролик журналистикаси даврида яшаяпмиз. Бу даврда "Мен – медиаман" тамойили асосида инфожурналистика яшаб келмоқда. Расман ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтмаган, бироқ янгилик узатиш билан шуғулланиб келаётган кўплаб ресурслар бор. МЧЖ шаклидаги исталган субъектнинг ОАВ ёки ахборот агентлиги сингари ахборот тарқатиши – амалдаги қонунчиликка зид. Муаллифлик блоги билан информацион ресурслар фарқланмаган. Давлатнинг ахборот соҳасидаги ягона сиёсатини тамсил қилувчи идора – АОКА масалани шу зайлда ўрганиб кўрмаган. Натижада шаффоф медиа бозор шаклланмади, хаосга айланди, аноним гуруҳлар пайдо бўлди.
Ижобий мисол
Блогер – жамиятга сўз ёки ғоя улашиш истагидаги шахс. Шундан келиб чиқиб, блогернинг ўз йўналиши, ихтисослашуви бўлади. Ўзбекистонда аниқ йўналишига эга блогерлар бор. Жумладан, “
Xushnudbek.uz” – ҳуқуқ фалсафаси, таълим; “Davletovuz” – банк-молия, иқтисод; “Bakiroo” – иқтисод; Дима Қаюм – сатира ва юмор; Шаҳноза Соатова – ҳуқуқий тарғибот, гендер; Исроил Тиллабоев – таълим; Қаҳрамон Асланов – футбол, эссеистика кабилар.
Салбий мисол
Биз салбий деб таърифлаётган ахборот ресурсларининг аксарияти МЧЖ шаклидаги тадбиркорлик субъекти. Даромад реклама, PR шартномалардан. Мавзулар универсал, аниқ йўналиш йўқ, эълон қилинаётган ахборотлар плагиат. Умумий хусусияти: ахборотнинг асл манбаси 99 фоиз ҳолатда эсланмайди, очиқчасига "ухлатилади". Хусусан: “KANALLARNI DODASI”, “Bor gap!”, “BUGUNGI GAP”, “Sara Xabarlar”, “Yashinxabarlar24”, “Uncha-Muncha”, “TOSHKENTLIKLAR”, “Maxfiy xabarlar”, "Телеграм юлдузлари", "Милиция УЗБ" ва ҳоказо.
Факт
Канал ўқувчиларини кўпайтириш учун телеграм бот орқали исталган ишни қилиб ётишибди. Мажбурий пост тайёрланади ва шаҳват, қотиллик, сирли воқеага ишора бериб, каналга аъзо бўлиш сўралади. Масалан, 29 май куни “
Тезкор хабарлар |Tun-u Kun” телеграм каналига “Бу қизга болаларни ўлдиришига рухсат берилди” сарлавҳали реклама пости жойланди. Матнда воқеа тафсилотини ўқиш учун “
Maxfiy xabarlar” каналига аъзолик сўралади. Аъзо бўлиб нима экан деб қизиқилса, "Суд залидагилар, жумладан судья ҳам болалар организми савдоси билан шуғулланувчи бўлгани, қиз уларга сирни айтиш билан таҳдид қилгач, қотилликни давом эттиришга рухсат берилгани, жавобгарликдан озод қилингани" айтилади.
Хавф нимада?
🕯Ҳар бирининг кузатувчиси 50-100 мингдан 1 миллионгача бўлган бу ресурслар жамоатчилик фикрини шакллантиришда етакчи мавқега чиқди. Соҳага нопрофессионал қатлам кириб келди. Инфосферадан парда кўтарилди: қотиллик, ўлим саҳналари, интимга оид ишоралар, жанжал акс этган видеолар билан ўзбек аудиторияси – ахборот истеъмолчиларининг диққатини ушлаб туриш урфга айланди. Ўзбек эротик адабиёти пайдо бўлди.
Позиция
Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасининг бошлиғи Зарифа Эралиева:
"Ижтимоий тармоқлардаги норасмий каналлар фаолияти қонун доирасида тартибга солиниши керак. Улар кўтараётган масалалар асосли бўлса майли, лекин нохолис ахборотларни текшириш керак. Бунда вазиятга қараб расмий ахборот бериш мақсадга мувофиқ. Ҳозирча бу борадаги қонунлар такомиллаштириляпти".
Хулоса
Расмий рўйхатдан ўтиб, жамият олдида, қонунлар олдида ижтимоий масъулият олган интернет нашрлари ҳалол рақобат муҳитини хоҳлайди. Ўз навбатида, соҳага тасодифан кириб қолган, универсал журналистликни даъво қилувчи айрим блогерлар, улар орасида ёшлар талайгина, қонунни бузиб, қилмишига яраша жазо олаётгани ачинарли барибир. Улар қандайдир муддатда давлатни ҳис қилмади, билганича ишлади. Бу айрим ҳудудларда давом этмоқда. Мана шу ҳолат қимматга тушади: жамият ва давлат учун ҳам.
Абдулазиз МУСАЕВ,
"Ёшлар кундалиги".
💬
Telegram 🌐Website 📱Instagram 📱Facebook 🌐YouTubeادامه مطلب ...