Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 17 сентябрь кунги мажлисида “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Маҳаллий нашрлар парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабарига таянган ҳолда, янги қонун билан Ўзбекистонда қорамол, қўй, эчки, чўчқа, от туя қаторида эшак ҳам истеъмол учун гўшти олинадиган ҳайвонлар қаторига киритилаётгани ҳақида хабар берди.
“Қонун лойиҳасида истеъмол учун ишлатиладиган гўшт ва бошқа маҳсулотлар олинадиган ҳайвонлар қаторига эшакнинг ҳам қўшилиши ЖСТ талабларига боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки жаҳон бозорида эшак гўшти истеъмолдаги гўшт ҳисобланади ҳамда ундан турли озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрланади”, деб ёзди “
Kun.uz” нашри.
Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми ислом динига эътиқод қилиши маълум. Ислом шариатига кўра эса эшак гўшти қатъиян ҳаром қилингани айтилади. Шунга кўра, “эшак – гўшти истеъмол қиланадиган ҳайвонлар қаторига киритилаётгани” ҳақида хабар тарқалиши билан ижтимоий тармоқларда эътирозли постлар пайдо бўлди.
Озодлик “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ижодкори Қишлоқ хўжалик вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачилик қўмитасидан изоҳ сўради.
Қўмита вакилининг Озодликка маълум қилишича, бу ўринда гап ҳайвонларни идентификация қилиш ҳақида боряпти ва қонун матнида истеъмол масаласи ҳақида сўз йўқ. Манбанинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда ҳозиргача барча турдаги ҳайвонлар идентификацияси амалга оширилмаган эди. Янги ҳужжат шунга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Қўмита вакили “эшак – гўшти истеъмол қилинадиган ҳайвонлар рўйхатига киритилди” деган хабарларни рад этар экан, бу Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг хатоси билан юз берганини айтди.
Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев ижтимоий тармоқларда чоп этган постида ушбу тушунмовчилик палата томонидан тарқатилган матбуот хабарномасидаги хато туфайли келиб чиққанини тан олди.
“Қонун лойиҳасида эшак гўштини истеъмол учун ишлатиладиган гўшт тоифасига киритиш назарда тутилмаган. Умуман, бу қонун “гўшт истеъмоли” ҳақида эмас, балки ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш муносабатларини тартибга солади. Матбуот хабарномасидаги таҳририй хато туфайли тушунмовчилик келиб чиққан”, дейди спикер ноиби.
Маълум бўлишича, нотўғри талқиндаги ахборот Қонунчилик палатасининг расмий каналидан, шунингдек, “
Kun.uz” саҳифаларидан ўчирилган.
Тожиевга кўра, парламентдаги муҳокамаларда депутатлар қонун лойиҳасида кўрсатилган эшак, қолаверса, ит ва мушукнинг идентификация қилиниши юзасидан эътирозлар билдирган. Бу банд иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида олиб ташланиши маълум қилинган.
Янги қонун лойиҳаси моҳият эътиборига кўра чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилгани айтилмоқда.
Қайд этилишича, Жаҳон банки Ўзбекистонга ҳайвонларни идентификация қилиш учун 33 миллион доллар маблағ ажратган. NaN йилларда 25 та туманда, 2027 йил 1 январгача барча ҳудудда чорва ҳайвонлари тўлиқ идентификация қилиниши режалаштирилган.
🔴 Ozodlik kanaliga obuna bo'ling! 👉
https://t.me/ozodlikkanali
🔴 Bizga xabar yo'llash uchun 👉
https://t.me/ozodnewsKo'proq ko'rsatish ...