ҚАБР ВА ҚАБРДАГИ САВОЛ-ЖАВОБЛАР
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар:
Ўлик қабрга қўйилганда қабр унга шундай дейди: “Эй Одамзод, эссиз сенга! Нега мағрурлик қилиб, мени ўйламадинг? Мен фитна уйи, зулмат уйи, ёлғизлик уйи ва маъюслик уйи эканлигимни билмасмидинг? Нега мендан ғофил бўлдинг? Ҳаётлик чоғинг йўлинг мен томонга тушганда оёқларинг тезроқ кета қолиш пайида бўларди”.
Агар ул зот солиҳлардан ва яхши кишилардан бўлса, ўлик айтишга ҳақли бўлган сўзларни ёру-биродарларидан бири қабрга хитоб қилиб дейдики: “Билмайсанми? У одамларни яхшиликка ундар, ёмонликдан қайтарарди!”.
Шунда қабр бундай дейди: “Ундай бўлса, мен унга бир яшиллик бўламан (яъни юмшоқ майса бўламан) ва ўликнинг жасади нурга ўралади, сўнг Аллоҳга юксалади.
Убайд ибн Умайр Лайсий айтади: Ҳеч бир ўлик зоти йўқки, кўмилганда лаҳад унга шундай деб хитоб қилмасин: Мен зулмат ва ёлғизлик уйиман. Агар тириклигингда Аллоҳга итоат билан яшаган бўлсанг, бугун сенинг устингда бир раҳмат бўламан.
Йўқ, агар Аллоҳни танимай осийлик билан кун кечирган бўлсанг, бугун сенга бир жазо бўламан. Мен шундай макондирманки, Аллоҳга итоаткор бўлган зот менга кирса, мендан севинч билан чиқади; Аллоҳга осий ўлароқ менга кирган одам мендан зиёнга учраган ҳолда чиқади.
Муҳаммад ибн Солиҳ айтади: Киши қабрга қўйилиб, бир оз азобга дучор бўлган вақтда қабристондаги бошқа ўлик қўшнилар унга шундай садо берадилар:
Эй биздай қўшнилардан ва қардошларидан орқада, дунёда қолган киши! Биздан ибрат олмадингми? Биз, олдин кетганлар, сенда ҳеч бир фикр-ҳаёл уйғотмадикми? Ҳою-ҳавасларимиз биздан айрилиб қолиб кетганини кўрмадингми? Сенинг ҳали вақинг бор эди. Биз, биродарларинг қилиб улгурмаган солиҳ амалларни сен ҳам қилмадингми?
Ундан ташқари, у кишига мустаҳкам ва дабдабали уйлари нидо этиб дерларки:
Эй дунёнинг кўринишига алданган одам! Сендан олдин ҳам дунё ҳаётига мағрурланган, аммо сендан олдин қора тупроққа кириб ғойиб бўлган яқинларингдан ибрат олмадингми? Уларку дунё ҳаётига алдандилар. Сўнгра ажал келди, уларни қабрларга олиб кетди. Сен эса бу аҳволни ўз кўзинг билан кўрган эдинг. Уларни кафтингда кўтариб қабрга олиб борган эдинг!
Язид Раққоший айтади: Ўлик қабрлар қўйилган пайтда амаллари бу ҳолдан қўрқиб, титрай бошлайдилар, Шунда Аллоҳ амалларни гапиртиради.
Дерларки: Эй чуқурда ёлғиз қолган инсон! Дўстларинг ва оила аъзоларинг сендан айрилишди. Бугун бизнинг ёнимизда бошқа бирон дўстинг йўқ!
Каъб айтади: Солиҳ киши ўлиб, қабрга қўйилган вақтда унинг намоз, рўза, ҳаж, жиҳод, садақа каби амаллари ундан айрилганларидан қўрқиб титрай бошлайдилар. Азоб фаришталари у кишининг оёқ томонидан келадилар.
Шу асно НАМОЗ тилга кириб дейдики: Ундан узоклашинг! Сизнинг у билан қиладиган ишингиз йўқ! У, мана шу оёқларида Аллоҳ учун тик турди. Мени адо этди!
Азоб фаришталари бу сафар ўликнинг бош томонидан келадилар. РЎЗА тилга кириб, дейдики: Сизнинг у билан қиладиган ишингиз йўқ! У дунёда Аллоҳ учун оч юрди, сувсиз юрди (яъни рўза тутди).
Фаришталар бу сафар ён томондан келадилар. Лекин тилган кирган ҲАЖ дерки:
У жонини ўртага қўйди, танини заҳмат-машаққатдан аямади. Шу туфайли сабр-тоқат нималигини билди, ҳаж қилди, сизнинг у билан қиладиган олди-бердингиз йўқ!
Охири азоб фаришталари марҳум қўлининг учи томондан келадилар. Бу сафар эса САДАҚА тилга киради ва дейдики:
Яқинлашманг менинг эгамга. У бу кўриб турганингиз икки қўл билан Аллоҳ ризоси учун қанча-қанча садақалар берган, қанча-қанча эзгу ишлар қилган, шунинг учун Аллоҳнинг ҳузурига чиқишга муносиб. Сизнинг у билан қиладиган олди-бердингиз йўқ!
Шунда у кимсага шундай бир нидо келади: Хушхабар! Сен ҳаётдалигингда қандай гўзал, қандай яхши бўлган экансан! Ҳозир ҳам ўликлар ичида энг гўзал ўликсан!
Шундан кейин раҳмат фаришталари келади. Унинг учун жаннатдан бир тўшак, бир чойшаб келтирадилар. Қабр кўз қамрай олмайдиган даражада кенгайтирилади. Яна жаннатдан келтирилган бир қандил билан қабр ёп-ёруғ қилинади.
Ko'proq ko'rsatish ...