Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Бугун эрта тонгдан юртимизнинг барча масжидлари қатори «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжидида ҳам Рамазон ҳайити муносабати билан байрам намози адо этилди. Унда минглаб мўмин мусулмонлар иштирок этишди.
Намоз аввалида Рамазон ойи ва тутган рўзаларимизнинг фазилатлари ҳақида имом домлаларимиз амру-маъруфлар қилиб, Рамазон ҳайити байрамини муносиб нишонлаш, бу кунни яхши кайфиятда ўтказиш, барча кин-адоватларни унутиш лозимлиги таъкидланди ҳамда эл-юрт ҳаққига дуолар қилинди.
Шундан сўнг Ҳайит намози жамоат ила адо этилиб, халқимиз, юртимиз ҳаққига эзгу дуолар қилиниб, байрам билан барча юртдошларимиз қутланди.
Қайд этиш жоизки, масжидда намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида барча зарур ишлар амалга оширилди. Масжидларга туташ кўчалар вақтинча ёпилиб, намозхонлар учун жой ажратилди. Ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари навбатчилиги ташкил этилди.
Бугунги файзли тароватли кунларда барча юртдошларимизни, бутун мусулмонларни Рамазон ҳайити билан муборакбод этамиз.
Рамазон ҳайитингиз қутлуғ бўлсин!
@islomuzKo'proq ko'rsatish ...