❗️КРЕДИТ СЎРАБ МУРОЖААТ ҚИЛАЁТГАН ФУҚАРОЛАР ДИҚҚАТИГА
Барчамизга маълумки, фуқаролар томонидан банклардан кредит олиш масаласида доимо муаммолар кўзга ташланади.
Фуқаролар бу бўйича жуда кўплаб қийинчиликларга дуч келишади. Ўйлаб қарайдиган бўлсак, буларнинг асосий сабабларидан бири ўз ҳақ-ҳуқуқимизни билмаслигимиздир.
Банкларга қандай мурожаат қилиш кераклигини кўпчилигимиз билмаймиз. Масалан, бизга кредит керак бўладиган бўлса, банкка борамиз ва ўша банкдаги кредит бўлимига оғзаки равишда мурожаат қиламиз.
Оғзаки равишда мурожаат қилганимиздан кейин банкир бизга ресурс йўқ ёки кредит ёпилган деб жавоб беради. Шундан сўнг биз банкирга пул (пора) таклиф қиламиз ёки бошқача усулда қандайдир таклифлар билан банкирни кўндириш йўлини излаб қоламиз. Мана, банклар билан боғлиқ коррупциянинг бошланиши.
Сиз оғзаки равишда кредит йўқ деган жавоб билан чекланиб қолманг, мурожаат қилган банкингиздан кредит йўқлиги ҳақида ёзма жавоб хати талаб қилинг. Агар банкнинг жавобида нимадир шубҳали туюлса,
Марказий банкка мана шу жавоб хатини илова қилган ҳолда мурожаат юборинг.
Биз оғзаки равишда мурожаат қилиш йўлидан қайтишимиз, асосий эътиборимизни ёзма равишда мурожаат қилишга қаратишимиз керак. Банкка қиладиган
ҳар қандай мурожаатимизни ёзма равишда қилишимиз шарт.
«
Банклар ва банк фаолияти тўғрисида» ги қонуннинг 68-моддасида шундай қоида бор: мижозларнинг мурожаатлари банкка келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши ва ёзма ёки электрон шаклда жавоб берилиши керак.
Агар сиз ёзма равишда мурожаат қилсангиз, банк белгиланган муддат жавоб қайтариши шарт.
Сиз ўзингизда талаб қилиш маданиятини шакллантиринг. Банк ушбу қоидага амал қилмаса, ўша ҳудуддаги прокуратурага ёзма равишда шикоят киритишингиз ҳам мумкин, чунки қонунлар ижросини назорати прокуратура зиммасига юклатилган.
Юқоридаги қоидаларни
«Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури бўйича ажратиладиган кредитларга қўллаб кўрамиз. Бунинг учун нима қилишимиз керак? Бу турдаги кредитлар дастур доирасидаги ресурслар ҳисобидан амалга оширилади. Микрокредитлар
6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади. Бу кредит
2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатгача ҳам ажратилиши мумкин.
Мисол учун, қарз олувчи – жисмоний шахслар кредит олиш учун банкка
қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:
▪️ариза (ёзма);
▪️паспорт нусхаси;
▪️жисмоний шахсларга кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бериладиган
кредитлаш бўйича тавсиянома.
Қарз олувчининг аризаси келиб тушган кундан бошлаб,
тижорат банки томонидан уч иш кунидан ошмаган муддатда ушбу ариза бўйича асослантирилган қарор қабул қилиниши шарт. Кредит бериш бўйича ижобий қарор қабул қилинганда қарз олувчи ва тижорат банки ўртасида кредит шартномаси тузилади.
Кўриб турибсизки, сиз ҳар қандай кредит бўйича банкка ёзма равишда мурожаат қилишингиз шарт. Агар сизнинг ҳуқуқингиз бузиладиган бўлса, ана шу ёзма равишдаги мурожаатингиз ҳуқуқий асос бўлади.
Хуллас, ўз ҳуқуқингизни билиб олинг! Ҳар қандай мурожаатингизни ёзма равишда билдиринг. Кредит олишда қонун бузилиши ҳолатларига дуч келадиган бўлсангиз,
прокуратура органларига ёки Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармаларига мурожаат қилинг.
Банкирларга эса юқоридаги тамойиллар асосида ишлаб, мижозларни сарсон қилманг, деб қоламиз.
©️bankir_kundaligi
👉 Yurist maslahati 👈
Show more ...